Украина баҳорда президентлик сайловлари ҳамда Россия билан эҳтимолий тинчлик келишуви бўйича референдум ўтказиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Financial Times нашри манбаларга таяниб хабар берди.
Нашр маълумотларига кўра, сайловлар ва референдумни бир вақтнинг ўзида ташкил этиш режалари муҳокама қилинмоқда. Хусусан, овоз бериш жараёнларини 15 майга қадар ўтказиш масаласи кўтарилган.
Хабарда қайд этилишича, ушбу масала АҚШ томонидан ҳам муҳокама қилинган. Айрим манбаларга кўра, овоз бериш жараёнларини белгиланган муддатда ўтказиш Украина учун халқаро хавфсизлик кафолатлари билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Шу билан бирга, Украина расмийлари хавфсизлик кафолатларисиз муҳим сиёсий қарорлар қабул қилинмаслигини таъкидламоқда. Украина президенти Владимир Зеленскийга яқин манбаларга кўра, хавфсизлик масалалари ҳал этилмагунча сайловлар бўйича якуний қарор эълон қилинмайди.
Аввалроқ халқаро агентликлар Украина ва АҚШ вакиллари Россия билан эҳтимолий келишув лойиҳаси бўйича жадвални муҳокама қилганини хабар қилган. Мазкур режага кўра, келишув лойиҳаси тайёрланганидан сўнг референдум ва сайловлар ўтказилиши мумкин.
Экспертлар мазкур жараённинг амалга ошиши бир қатор омилларга, жумладан, хавфсизлик вазияти, музокаралар натижалари ҳамда халқаро сиёсий муҳитга боғлиқ эканини таъкидламоқда.


