Европа Иттифоқи Украинада узоқ муддатли ва адолатли тинчлик ўрнатиш масаласига доимий равишда эътибор қаратиб келмоқда. ЕИ бош дипломати Кайя Каллас АҚШ-Россия ўртасида гўёки тайёрланаётган махфий “тинчлик режаси” бўйича тарқалган хабарларга муносабат билдирди.
Унинг таъкидлашича, Украина ва Европа иштирокисиз урушни якунлаш бўйича ҳеч қандай режа муҳокама қилиниши мумкин эмас.
“Биз, европаликлар сифатида, фақат узоқ, мустаҳкам ва адолатли тинчликни қўллаб-қувватлаймиз. Ҳар қандай ташаббус амалга ошиши учун украиналиклар ва европаликларнинг розилиги бўлиши зарур — бу мутлақо равшан”, — деди Каллас.
Дипломатнинг айтишича, Европа томонига Россия томонидан тинчлик йўлида бирор муҳим ён бериш таклифи етиб келмаган. Агар Москва ростдан урушни тўхтатишни истаганида, шартсиз ўт очишни тўхтатиш бўйича қарорни аллақачон қабул қилган бўларди.
Каллас Россия ҳужумларининг асл характерига ҳам тўхталиб, қуйидагиларни қайд этди:
“Россия зарбаларининг 93 фоизи мактаблар, шифохоналар, турар-жой бинолари каби фуқаро инфратузилмасига қаратилмоқда. Бу кўпроқ одамлар ҳаётига зомин бўлиш ва азоб-уқубатларни кучайтиришга қаратилган”.
Брюсселда журналистлар билан суҳбатда Каллас Европанинг АҚШ президенти Доналд Трамп урушни “тез тугатиш” қобилиятига ишониши ҳақидаги саволга ҳам жавоб берди. Унга кўра, урушни тугатиш учун аввало Украина ва Европа рози бўлиши керак.
“Путин тинч аҳолига ҳужумни тўхтатиши билан уруш дарҳол якунланади. Аммо ҳозирча биз Россия томонидан ҳеч қандай имтиёз ёки конструктив қадамни кўрмаяпмиз,” — деди Каллас.
Аввалроқ, бир неча халқаро нашрлар “Трамп маъмуриятининг янги тинчлик режаси” ҳақида қуйидаги маълумотларни берган эди.
ЕИ дипломати ушбу режадаги ғояларни Украина суверенитетига зид деб ҳисоблайди ва Европа бундай режаларни қўлламаслигини яна бир бор таъкидлади.
Кайя Калласнинг сўзларига кўра, Европа Иттифоқи ҳар қандай тинчлик ташаббусини қўллаб-қувватлайди, бироқ у адолатли, узоқ муддатли ва бир томонлама имтиёзларсиз бўлиши шарт.


