Бугун, 10 июл тонгида Киевнинг Голосеев туманида Украина Хавфсизлик хизмати (СБУ) полковниги ўлдирилди. Бу ҳақида “РБК-Украина” нашри ёзмоқда.
Киев полиция бошқармаси Голосеев туманида ўқ отувчи қуролдан жароҳатланиш билан эркак кишининг жасади топилганини тасдиқлади, бироқ бошқа тафсилотларни очиқламади.
“СБУ ва Миллий полиция жиноятнинг барча ҳолатларини аниқлаш ва айбдорларни жавобгарликка тортиш учун комплекс чораларни кўрмоқда”, – дейилади СБУ баёнотида.
Украина Олий Радасининг собиқ депутати Игор Мосийчукнинг маълум қилишича, ўлдирилган шахс – СБУ полковниги Иван Воронич бўлиб, у Махсус операциялар марказининг 16-бошқармаси 1-бўлимида катта оператив ходим бўлиб ишлаган.
Мосийчукнинг сўзларига кўра, жиноятчи Вороничга беш марта ўқ узган ва воқеа жойидан қочиб кетган. Воронич олган жароҳатларидан воқеа жойида ҳалок бўлган.


