Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини бошланганидан бери рус қўшинлари Бурятиядаги энг йирик Вагжаново ҳарбий техника базасида жойлашган совет танклари ва жанговар машиналарининг 40 фоиздан ортиғини урушга жалб қилди, деб ёзади The Moscow Times Google Earth сунъий йўлдош суратларига таяниб.
Нашрнинг ёзишича, Вагжаново Россиядаги энг йирик ҳарбий техника омбори ҳисобланади. Буни сунъий йўлдош маълумотлари асосида ТThe Moscow Times ҳисоб-китоблари тасдиқлайди. Газетанинг ёзишича, Вагжаново тахминан 13 квадрат километр майдонни эгаллайди, бу Россиядаги зирҳли транспорт воситаларини сақлаш учун маълум бўлган бошқа базалар майдонидан анча катта.
Хабарда келтирилишича, Украинага тўлиқ миқёсда бостириб киришдан беш ой олдин (2022 йил 24 февраль) базада 3840 га яқин техника сақланган ва 2023 йил май ойига келиб Вагжаново ҳудудидаги зирҳли техникалар сони 2270 донага қисқарган.
Сўнгги бир ярим йил ичида базадан танклар ва ҳарбий машиналарнинг 40 фоиздан кўпроғи олиб ташланди, шунингдек, 2022 йил сентябрь ойида Россияда сафарбарлик эълон қилинганидан кейин техниканинг катта қисми Вагжановодан чиқиб кетди, деб ёзади газета.


