ДХХ ва ИИВ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирида Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи масъулияти чекланган жамият томонидан тегишли рухсатномага эга бўлмасдан, фуқароларни «Тошкент-Дубай-Жидда» йўналиши орқали «Умра» зиёратига юбориш ҳолати аниқланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Хусусан, МЧЖ ходими Х.А. Наманган вилоятида яшовчи икки фуқаронинг ишончига кирган ҳолда уларни 6 200 АҚШ доллари эвазига «Умра» сафарига жўнатишни ваъда қилиб, олдиндан 3100 АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
МЧЖ офиси ва ходимларининг автомашиналари текширилганда, жами 116 нафар фуқаронинг хорижга чиқиш паспортлари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди. Шунингдек, 66 нафар фуқарони «Умра» сафарига юбориш мақсадида улардан жами 162 минг АҚШ доллари олингани ҳам маълум бўлди.
Таъкидлаш лозимки, МЧЖ ўз мижозларини Бирлашган Араб Амирликлари ва Саудия Арабистони Қироллиги ўртасидаги давлат чегарасидан ўтказишда Марказий Осиё республикаларининг сохта фуқаролик паспортларидан фойдаланиш механизмини йўлга қўйган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан МЧЖ масъулларига нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддаси билан қўзғатилган жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


