Ижтимоий тармоқларда Истиқлол-Ҳазорасп темир йўлида ҳаракатлантираётган поезд одам уриб юборганлиги тўғрисида хабар тарқалди.
Бош прокуратура ҳолат бўйича расмий маълумот берди.
Маълум бўлишича, 2021 йил 8 декабрь куни соат 09:25ларда поездни О.Машаипов ва ёрдамчиси М.Назаровлар бошқариб бораётган бўлган.
Мазкур поезд вагони "Урганч Локоматив" депосига қарашли бўлган “ТEП70-БС-152” сонли тепловоз Тошкент-Урганч-Хива йўналиши бўйича ҳаракатланиб келаётганида, Истиқлол-Ҳазорасп темир йўлининг 7-пикетида Тўпироққалъа туманида яшовчи 43 ёшли С.Қ.ни уриб кетган.
Бирламчи маълумотларга кўра, пиёданинг эҳтиётсизлиги сабаб, баҳтсиз ҳодиса рўй берган. Оқибатда, аёл олган оғир тан жароҳатлари билан воқеа жойида вафот этган.
Шу билан бирга, воқеа тафсилотлари ўрганилганда, с.Қ. темир йўл ҳодисаси содир бўлган жойдан 25-30 метр узоқликда темир йўл изи ёнидан топилган.
Маълумот учун: марҳума оилали, унинг 3 нафар фарзанди бўлган.
Қайд этилишича, ҳолат бўйича ҳозирда Урганч транспорт прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент – Бухоро йўналишида ҳаракатланган "Афросиёб" поезди нега йўлда тўхтаб қолгани ҳамда Темир йўлда ухлаб қолган шахс поезд ва кесишмадаги автомобиллар ҳаракати тўхташига сабаб бўлгани ҳақида хабар берилганди.
Чўлпоной Аҳмедова


