Урганч шаҳрининг уч йил муддатга қамалган ҳокими икки ой ўтиб озод қилинди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати раҳбари Азиз Абидов маълумот берди. Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати ушбу жиноят ишинининг собиқ ҳоким Sh.A.ga оид қисмини судланган Ш.А.нинг адвокатлари томонидан асоссиз судлангани ва унинг ҳаракатларида жиноят аломатлари йўқлиги сабабли унга нисбатан оқлов ҳукми чиқариш ҳақидаги кассация шикоятлари ҳамда Хоразм вилоят прокурори томонидан айбига иқрорлиги, қилмишидан пушаймонлиги, муқаддам судланмагани ва етказилган моддий зарар қопланганини инобатга олиб, унга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлаш ҳақида келтирган протест асосида кассация тартибида кўриб чиқди. Олий суд кассация инстансиясининг 29 августдаги ажримига мувофиқ юқоридаги суд қарорлари ўзгартирилиб, судланган Ш.А. айбига иқрорлиги, қилмишидан пушаймонлиги, муқаддам судланмагани ва иш бўйича етказилган моддий зарарни ихтиёрий равишда тўлиқ қоплаганини инобатга олган ҳолда унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди. Шу тариқа, протест тўлиқ, шикоятлар эса қисман қаноатлантирилди. Ш.А. жазони ижро этиш жойида қамоқдан озод қилиниши белгиланди, дейилади хабарда. Эслатиб ўтамиз, аввал суд ҳукмига кўра Ш. А. Жиноят кодексининг 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 2-қисми «а» банди ва 229-4-моддаси (ер бериш тартибини бузиш) 2-қисми «а», «б» бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 2 йилга муайян ҳуқуқдан, яъни давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида мансабдор ва моддий жавобгар шахс лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланганди.