Фильм Ўзбекистон Кинематография агентлиги, Би-Би-Си ўзбек хизмати, Ўзбекистон маданий меросини асраш, ўрганиш ва тарғиб қилиш бўйича бутунжаҳон жамияти, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси (ЎзЭОАВМА) ва Sevimli телеканали ҳамкорлигида суратга олинган.
"Ҳар бир мусулмон учун улуғ бўлган Рамазон ойида бундай лойиҳанинг яратилиши рамзий маъно касб этади. Бу фильмни Ўзбекистон миқёсида қанчалик кўп одам кўрса, шунчалик кўп хурсанд бўламиз, — деди Би-Би-си ўзбек хизмати Бош муҳаррири Ҳайрулло Файз.
2019 йил Агентлик Бош директори Фирдавс Абдуҳолиқовнинг Лондондаги Би-Би-си ўзбек хизматига ташрифи давомида Усмон Қуръони ҳақида фильм яратиш таклифи берилган эди. Аммо пандемия сабаб суратга олиш ишлари маълум вақт тўхтаб қолган лойиҳа ниҳоясига етиб, тез кунда томошабинлар эътиборига ҳавола қилиниши белгиланган.
"2017 йил сентябрда Нью-Йоркда бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан «Маърифат ва диний бағрикенглик» махсус резолюцияси илгари сурилган эди. Унда бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни ўрнатиш, диний эркинликни таъминлаш энг муҳим масалалардан бири сифатида эътироф қилинган. “Усмон Қуръонининг қайтиши” фильмида ҳам Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, диний бағрикенглик тамойилларини қарор топтиришга алоҳида урғу берилган. Фильм нафақат юртдошларимиз, балки бутун мусулмон аҳлини хурсанд қиладиган кинофильм бўлади, десам адашмайман. Фильм Рамазон Ҳайити арафасида юртимиз телеканалларида намойиш этиш режалаштирилган", — деди Кинематография агентлиги “Ҳужжатли ва хроникал фильмлар киностудияси” ДУК директори Фурқат Усмонов.
Тасвирга олиш ишлари Тошкент, Бухоро, Самарқанд, Қашқадарё вилоятлари ҳамда Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида олиб борилган.
Фильмда ушбу нодир муқаддас қўлёзманинг XIX аср охирида Россияга юборилиши, Санкт-Петербургдаги Император кутубхонасида сақланиши ва кейинчалик Уфа муфтиятига топширилиши билан воқеалар ўрганилган. Архив ҳужжатлари асосида Усмон Қуръонининг 1923 йилда Ўзбекистонга қайтарилиши ҳақида ҳикоя қилинган. Фильмда Усмон Қуръонининг 1989 йилда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари идорасига топширилишига гувоҳ бўлган инсонларнинг ҳикояларидан ҳам фойдаланилган.
Маълумот учун, ЮНЕСКОнинг “Дунё хотираси” рўйхатига киритилган Қуръон китобини кўргани Тошкентга ҳар йили дунёнинг кўплаб давлатларидан юз минглаб мусулмонлар ва сайёҳлар келишади. Усмон Қуръони бу Қуръони Каримнинг сақланиб қолган энг қадимги нусхаси ҳисобланади.
Жаҳон экспертларининг фикрича, Ўзбекистон ўзига хос ноёб мамлакат бўлиб, унда иккита ноёб Усмон Қуръони сақланмоқда. Биринчи Қуръон ҳақида икки йил аввал Би-Би-Си билан ҳамкорликда суратга олинган “Катта Лангар Қуръони: сирлар ва ҳақиқатлар” фильмида ҳикоя қилинган.


