Рақобат қўмитасига жорий йилнинг саккиз ойи давомида кўп қаватли уй-жой қурилиши ва хонадон хариди бўйича қарийб мингга яқин мурожаат келиб тушди. Аризаларда асосан қурилиш ташкилотлари томонидан шартнома шартларига амал қилмаслик, лойиҳаларда ва реклама маълумотларида кўрсатилган ваъдаларга риоя қилинмаслик, уйларнинг белгиланган муддатларда топширилмаслиги каби муаммолар қайд этилган.
Ўрганиш жараёнида айрим компаниялар шартномаларга амалдаги қонунчиликка зид бандларни киритаётгани маълум бўлди. Хусусан, айрим ҳужжатларда “истеъмолчи шартномани ўз ташаббуси билан бекор қилган тақдирда, у тўлаган маблағнинг 10 фоизи жарима сифатида ушлаб қолинади” деган шартлар учрамоқда.
Қонунчиликка мувофиқ, бундай талаблар асоссиз ҳисобланади. Фуқаролик кодексининг 385-моддасида, шартнома бекор қилинганда фақат реал зарар қоплаш мумкинлиги белгиланган. Амалда эса, қурилиш компаниялари одатда зарар кўрмайди, чунки уй-жойлар бозорда юқори талабга эга ва бошқа харидорларга тезда сотилиши мумкин.
Шу боис, истеъмолчилар шартномани имзолашдан олдин унинг барча бандларини диққат билан кўриб чиқиши, зарур бўлса юридик мутахассис хизматидан фойдаланиши лозим. Агар ҳужжатда қонунга зид ёки истеъмолчи ҳуқуқларини чекловчи шартлар мавжуд бўлса, улар ҳақиқий эмас деб топилади ва суд ёки ваколатли идораларга мурожаат қилиш мумкин.
Рақобат қўмитаси олиб борган ишлар натижасида айрим қурилиш ташкилотлари билан тузилган 8 та шартнома бекор қилинди. Фуқаролардан ноқонуний равишда ушлаб қолиниши кўзда тутилган маблағлар қайтарилиб, жисмоний шахсларга жами 1,5 миллиард сўмдан ортиқ пулни ундириш таъминланди.


