Бугун, 6 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов бошчилигидаги делегация Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили, Европа комиссияси вице-президенти Жосеп Боррел билан учрашди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Мулоқотда Ўзбекистон-Европа ҳамкорлигининг долзарб масалалари, уларни янада фаоллаштириш ва амалий мазмун билан бойитиш масалалари муҳокама қилинган.
Сиёсий, ҳуқуқий, савдо-иқтисодий, молиявий-техникавий, айниқса, икки томонлама ва минтақалараро ҳамкорликнинг институционал механизмларидан самарали фойдаланиш орқали ўзаро алоқаларни янада кенгайтириш учун салмоқли салоҳият мавжудлиги қайд этилган.
Европа томони Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, минтақада дўстлик ҳамда яхши қўшничилик муҳитини шакллантириш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини билдирган.
Бўлажак икки ва кўп томонлама тадбирларга пухта ва сифатли тайёргарлик кўриш бўйича келишувга эришилган. Европа дипломатияси раҳбари жорий йилнинг 17-18 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” вазирлар учрашувида, шунингдек, “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” ўзаро боғлиқлик: Барқарор ривожланиш учун глобал дарвоза” конференсиясида шахсан иштирок этишга тайёрлигини тасдиқлаган.
Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакилига Ўзбекистон Республикасининг асосий қонунига киритилаётган “Инсон – жамият – давлат” асосий тамойили ҳамда “Инсон шаъни ва қадри” ғоясини тарғиб этишни назарда тутувчи ўзгартиришларнинг моҳияти ҳамда мазмуни ҳақида батафсил маълумот берилган. Конституцияга киритилаётган ўзгартиришлар, биринчи навбатда, Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилгани, бунда инсон ҳуқуқ ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, ижтимоий ҳимоя ва иқтисодий фаровонлик кафолатлари асосий қонун даражасида мустаҳкамланиши таъкидланган.


