Халқаро жиноят суди (ICC) Афғонистондаги аёллар ва қизларга нисбатан жиддий инсон ҳуқуқлари бузилишлари учун “Толибон” раҳбариятига нисбатан ҳибсга олиш тўғрисида ордер чиқарди. Бу ҳақда суд матбуот хизмати эълон қилди.
Суд қарорига кўра, “Толибон”нинг олий раҳбари Ҳайбатуллоҳ Ахундзода ҳамда гуруҳнинг бош судьяси Абдул Ҳаким Ҳаққоний “аёллар ва қизларга нисбатан жинсий алоқадор таъқибларни буюриш, уларга ёрдам бериш ёки рағбатлантириш орқали инсониятга қарши жиноятлар содир этишда” айбланмоқда.
Қайд этилишича, бу жиноятлар 2021 йил 15 августда Толибон ҳокимият тепасига келганидан бошлаб 2025 йил 20 январгача давом этган. Суд мазкур муддатда Афғонистонда амалга оширилган сиёсат фуқароларнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини кескин чеклаб, аёллар ва қизларни жинс асосида турмуш ҳаётидан бутунлай четлаштирганини таъкидлаган.
Хусусан, бу тақиқлар қотиллик, қийноқ, эркинликдан маҳрум қилиш, зўрлаш, ўғирлаш каби оғир жиноятлар билан бирга юз бергани қайд этилган.
Прокуратура бу ордерни 2025 йил январь ойида суддан сўраган эди. ICC ушбу иш доирасида аёлларга нисбатан систематик таъқибларни инсониятга қарши жиноят сифатида баҳоламоқда.
Эслатиб ўтамиз, “Толибон” ҳаракати 2003 йилда БМТ Хавфсизлик Кенгаши рўйхатига киритилган ва Россияда террорчи ташкилот сифатида тан олинган эди. Бироқ 2025 йил ёзида Россия ҳукумати Афғонистон Ислом Амирлигини расман тан олиб, Москвадаги элчихона биносига Толибон томонидан жорий этилган байроқни осган.


