Куз оқшоми. Шаррос ёмғир ёғаяпти. Бобом на ёмғирга, на лой кўчага парво қилмасдан фавқулодда илдам юриб бораяпти. Мен соябонни бошлари узра тутиш учун қўлимни олдинга чўзиб, уларга базўр эргашаяпман. «Бобо, секинроқ юринг», дейишга журъат йўқ. Ҳеч қачон у кишидан бугунгидек қўрқмаган эканман... Ва ниҳоят, мен учун йилларга чўзилган дақиқалар тугади. Совуқдан қалтираган, ажин босган қўллар таниш дарвозани қоқди. Негадир, шу онда дарвозанинг очилмаслигини ич-ичимдан истадим. Бахтга қарши, у очилди. — Ия, ассалому алайкум! Устоз, тинчликми? — ёмғирда ивиган ўқитувчисини кўрган Абдулла ака аввалига ҳайратланди. Кейин менга кўзи тушиб, ранг-қути ўчди. — Яхшимисан, Абдулла, — бобомнинг овозида ҳам қалтироқ бор эди. — Киринг, киринг, уйга, — хонадон эгаси бир пайтлари ҳарф танитган устозига йўл бўшатди. Мен эса иккиланиб остонада турардим. Уч-тўрт қадам ташлаган бобомнинг ортига ўгирилиб қараганидан билдимки, киришим шарт. Иссиққина уйга қадам қўйишимиз билан олдимизга қайноқ чой келди. Лекин на мен, на бобом чой қуйилган пиёлага қўл узатдик. Бобом бир муддат сукут сақлаб ўтиргач, секин гап бошлади: — Абдулла, неварамнинг гуноҳи учун мен узр сўрайман... Ҳаммамизнинг бошимиз эгик. Абдулла ака нима дейишни билмай дастурхоннинг бир учини қатлаб ўтирибди. Охири тилга кирди: — Устоз, сизнинг неварангиз эканлигини билмагандим... Абдулла ака ёлғон сўзлади. Бир ҳафтадан бери шунча машмаша бўлди, ўзи ҳам икки марта «Шундоқ одамнинг авлоди-я», деб бошини чайқаб қолди. Ҳозир ноиложликдан шундай деди-да. Шу билан яна жимлик чўкди. Кейин бобом юзига фотиҳа тортди, биз қайтдик. Негадир энди бобомнинг қадам олишлари секинлашганди, йўл бўйи миқ этмаганларидан бўларим-бўлди. Уришсалар, урсалар ҳам майли эди шу тобда. Ўтган ҳафта яқин ўртоғим уйланди. Тўй охири тўполон билан тугади. Абдулла аканинг ўғлини мастликда арзимас сабаб учун ўласа қилиб дўппослабман. Эртаси ҳушимга келгач билдим. Каттароқ жойга ишга жойлашиш учун ҳужжат топширганим сабаб оёғи куйган товуқдек типирчилаб қолдим. Охири бобомни ўртага қўйдик... «Ҳеч қачон виждонимга қарши иш қилмагандим... Ўзим ҳалол, тўғри бўлинглар, дея ўргатган ўқувчимнинг олдида-я»... Бобомнинг уйимиз остонасига етганимизда айтган сўзларидан хато устига хато қилганимни англадим...