Ўзбекистон хавфли ва радиоактив чиқиндиларни бошқаришда янги босқичга ўтмоқда. Ўтказилган йиғилишда сўнгги икки йилда аввал қайта ишланмаган саноат ва хавфли чиқиндиларни қайта ишлаш даражаси 4,5 фоизга етказилгани қайд этилди. Бироқ бу кўрсаткич ҳали ҳам паст экани таъкидланиб, жараёнларни жадаллаштириш бўйича қўшимча чоралар белгиланди.
Мутасаддиларга саноат ва хавфли чиқиндилар ҳосил бўлаётган ҳамда сақланаётган жойларни тўлиқ хатловдан ўтказиш топширилди. Ҳар бир ҳудудда чиқиндиларни қайта ишлаш ёки утилизация қилиш бўйича камида биттадан лойиҳа бошлаш зарурлиги қайд этилди. Бу нафақат экологик хавфларни камайтиради, балки қайта ишлаш саноатини ривожлантиришга ҳам хизмат қилади.
Шунингдек, хавфли чиқиндиларни назорат қилиш учун ягона ахборот-мониторинг платформасини ишга тушириш режалаштирилган. Ушбу тизим чиқиндилар ҳаракати, уларнинг тўпланиши ва қайта ишланишини реал вақт режимида кузатиш имконини яратади. Мазкур ташаббуслар экологик хавфсизликни кучайтириш ва чиқиндиларни бошқаришда замонавий ёндашувларни жорий этишга қаратилган.


