10 декабрдан бошлаб Тошкент ва тажриба-синов тариқасида республиканинг 15 та ҳудудида маълум тоифадаги дори воситаларини электрон рецепт асосида бериш йўлга қўйилди. Дастлаб, бу амалиёт тармоқларда норозиликларни кўпайтирди, одамлар доим истеъмол қилиб келган дориларини сотиб ололмай қолди. Шундан сўнг, ССВ мутахассислар билан муҳокама ўтказди, тизимга босқичма-босқич ўтиш қарорига келди.
Асилбек Худаёровнинг буйруғи билан антибиотик, синтетик антибактериал препарат ва гормонал дорилар олиш учун электрон рецепт мажбурий қилиб белгиланди. Тизим тўлиқ жорий этилгунга қадар ҳамда фавқулодда вазиятларда қоғоз кўринишидаги рецептлардан фойдаланишга рухсат этилди.
Zamon.uz мухбири Тошкентдаги бир хусусий клиника, фармацевт ва фуқаролардан тизим ҳақида сўради.
“Darmon-Servis” клиникаси бош шифокори Гулчеҳра Мирзамуҳаммедованинг сўзларига кўра, тиббий муассасаларни “DMED”(тиббий ахборот тизими)га улаш 8 ой олдин бошланган.
“DMED”нинг фойдаси - стандарт бўйича дори ёзяптими- йўқми шуни кўриб туриш мумкин. Давлат тиббиёт ташкилотлари каби хусусийлар ҳам ҳисобот берсин дейилди. Одамлар ҳозир клиникага келишдан олдин “DMED”га уланганмисизлар деб сўраяпти”- дейди Мирзамуҳаммедова.
Шунингдек, Чилонзор туманидаги 10 га яқин дорихона вакиллари “DMED”нинг афзалликлари ҳамда мижозларнинг қанчаси электрон рецепт билан келаётганини гапириб берди.
“Солиқ ва фармагентлик вакиллари сентябрь-октябрь ойларида ҳаммани “DMED”га ўтказди. Доктор шу тизим орқали дори ёзиб берса, уни сотишга ҳамма аптека тайёр. Лекин ҳали электрон рецепт берадиган хусусий клиникаларнинг ўзи тайёр эмас. Улардан ҳали “DMED”нинг рецептини кўрганимиз йўқ. Ҳозир товар олишни тўхтатдик, савдо тушди, айни дамда ҳаммада шунақа. Аптекалар умуман рецептсиз бермаган. Рецепт билан дори сотиш 10 фоиз бўлса керак. Соат 08:00 дан 16:00 гача ишладим, битта электрон рецепт келди. Бу билан ижара пули ва бошқа харажатларни қандай қоплаймиз?
Ҳозир қоғоз шаклида келаётган рецептларга қараб дори сотяпмиз. Асосан, хусусий клиникалардан рецепт учун деган ёзув ва шифокорнинг муҳри билан келяпти. Биз бемор ўзини-ўзи даволашга ҳаракат қилмаяпти, докторган кўринган деб беряпмиз. Беморларга шифохона муҳри билан ретспет олиб келишини талаб қилдик, хавфсизлигимиз учун печать сўраяпмиз. “DMED” касаллик тарихи учун зўр. Ташхис қўйишдан олдин юзингизни кўради. Электрон рецептни гормонал антибиотикларга қилса яхши, лекин ҳаммасига эмас. Масалан битта “Фаниган”га 200 000 сўм тўлаб, навбат кутиб ўтирмайдику”.
“Тўғри, “DMED”нинг фойдаси бор. Доктор дорининг таркибини ёзади. Савдо номини эмас. Энди сизнинг олдингизга рецепт келиб қолди. Мисол, “Адеметионин”, “Гептрал”, “Адемта”. Ўша таркибли дорингизни савдо номи билан ҳисоблайдиган бўлсангиз, бир-биридан 100 000 сўмлаб фарқ қилади. Биз таркибини бир хил бўлганини билиб, беморга ўзимизнинг илмимизни ишлатиб берсак, автоматик нариги аптека билан бу аптеканинг ўртасида фарқ пайдо бўлиб қолади. У “Гептрал”ни ҳисоблаган бўлса, биз “Адемта”ни ҳисобласак, бизда арзон чиқиб кетади. Минимал кимда арзон маҳсулот бўлса, ўшани олишга ҳаракат қилади”.
“Шифокор қоғоз рецептга муҳр босиб беришга мажбур, чунки кўпчилик хусусий клиникалар ҳали тизимга уланишмаган. Аста-секин ўтишяпти. Мижозларнинг 70 фоизи хусусийлардан қоғоз рецептлар билан келяпти. Чунки навбатлар кўплиги учун давлат поликлиникасига одам кам боради. Кичкина болалар кўп, гўдаклар иситма билан навбат кутиб ўтира олмайди, шунинг учун бу ерга келишади, уларни тезроқ кўришади, дори ёзиб беришади ва кетишади”, дейди фармацевтлар.
“Ўша электрон рецептни биринчи марта кўрдим, QR-кодли чекни кўрдим, ҳақиқатан таркиби ёзиляпти. Топиб бердим мосини. Тушунтирдим. “Шуми, нотўғрими?” деб кетяпти клиент. Мен Гооглеъга кириб ҳам кўрсатиб бердим. Кейин у дорини амин бўлиб олиб кетди. QR-код бор, ўзи битта лента бўларкан. Ўшанинг ўзида поликлиника номи, “названия”(сарлавҳа)си бўлади, дорининг сони, уни қачонгача ичиш ва доктор муҳри ва ҚР-коди кўрсатилади. Битта чекда битта дори”- дейди фармацевт.
ССВга кўра, айни пайтда Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармасига қарашли жами 152 та давлат тиббиёт ташкилоти ва 1 496 та дорихонанинг барчаси тўлиқ “Электрон рецепт” тизимига уланган. Ҳозирча пойтахтдаги мавжуд 1 945 та хусусий тиббиёт ташкилотидан 796 таси ушбу тизимга интеграция қилинган.
Репортажимиз давомида тизим ҳақида фуқароларнинг фикрлари билан ҳам қизиқдик. Уларнинг айримлари тизимни қўллаб-қувватлаган бўлса, бошқалари тўғри қарор эмаслигини айтди.
Биз “Электрон рецепт” тизими бўйича аҳолининг сўровларини қабул қилаётган салл-марказда (1003) ҳам бўлдик. Оператор Дилфуза Абдураҳимова билан суҳбатлашарканмиз, мурожаатлар камайганини, айрим фуқаролар рецептсиз антибиотик олиш ҳақида сўраётганини билдирди.
Фармагентлик раҳбари Абдулла Азизовга кўра, “Электрон рецепт” тизими орқали коррупцион механизмга тушган дори нархлари тушади. Унинг айтишча, 35 % (5131) дориларнинг нархи сунъий оширилган. Ҳозирги пайтда 12 815 турдаги дори воситаси рецепт билан, 1 846 таси эса рецептсиз берилмоқда. Дори воситаларини олиш тартиби билан “my.gov.uz” ҳамда Фармагентликнинг расмий сайти ва мобил иловаси орқали танишиш мумкин.


