Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) раҳбари Нгози Оконжо-Ивеала АҚШ ва Хитой ўртасидаги божлар уруши жиддий иқтисодий оқибатларга олиб келиши мумкинлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, икки давлат ўртасида импорт божлари кучайтирилса, савдо ҳажми 80 фоизгача қисқариши мумкин.
Бундан ташқари, ЖСТ раҳбари глобал иқтисодий тизимнинг икки блокга бўлиниши узоқ муддатли истиқболда бутун дунё ялпи ички маҳсулотининг 7 фоизга камайишига олиб келишини айтди. Бу эса, миллионлаб иш ўринлари, инвестициялар ва иқтисодий барқарорликка салбий таъсир кўрсатиши мумкин.


