Аввалроқ Жанубий Корея COVID-19 туфайли хитойлик саёҳатчиларга нисбатан бир қатор чекловлар жорий этганди. Бунга жавобан Пекин Жанубий Корея фуқароларига туристик ва иш визалари берилишини тўхтатди.
Хитойнинг Сеулдаги элчихонаси баёнотида таъкидланишича, виза тақиқи Жанубий Корея “хитойликларнинг киришига нисбатан камситувчи чоралар”ни бекор қилмагунча ўз кучида қолади. Дипломатик миссия бошқа тафсилотларни келтирмади.
Жанубий Корея ва яна 10 дан ортиқ давлатлар ХХРда COVID-19 билан касалланишнинг кўпайиши сабабли материкдан ташриф буюрувчиларга ПЦР топшириш талабини қўйганди. Пекин бундай синовларни талаб қилган давлатларга жавоб қайтариши ҳақида огоҳлантирди.
2022 йил охирида Хитой ҳукумати мавжуд чекловларни босқичма-босқич бекор қила бошлади. Бу COVID-19 билан касалланишнинг кескин ўсиши фонида амалга оширилган.


