Хитой Марказий Осиё давлатларига мудофаа қобилиятини мустаҳкамлашда ёрдам беришга тайёр. Бу ҳақда Хитой етакчиси Си Цзиньпин Сиан шаҳрида бўлиб ўтаётган «Хитой-Марказий Осиё» саммитида маълум қилди, деб ёзмоқда РИА Новости.
«Хитой Марказий Осиё давлатларига ҳуқуқ-тартибот ва мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлашга ёрдам беришга, шунингдек, минтақавий хавфсизликни сақлаш ва терроризмга қарши курашиш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга тайёр», — деди Си Цзиньпин.
Шунингдек, у Хитой Афғонистонни тинч йўл билан тиклашга кўмаклашишда давом этишини таъкидлади.
«Марказий Осиёнинг суверенитети, хавфсизлиги, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлиги сақланиши, Марказий Осиё халқи танлаган тараққиёт йўли ҳурмат қилиниши керак», — дея қўшимча қилди у.
Эслатиб ўтамиз, Хитойнинг Сиан шаҳрида «Хитой-Марказий Осиё» саммити бўлиб ўтмоқда. Унда Қозоғистон президенти Қасим Жомарт-Тоқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевлар иштирок этишмоқда.


