Туркия Республикасидаги хизмат сафари давомида Ёшлар сиёсати ва спорт вазири Адҳам Икрамов "Халқаро Этноспорт Конфедерация"сига ташриф буюрди [https://t.me/Minsportuz/21988]. 7 апрель куни бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 25 майдаги “Этноспорт турларини оммалаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ жорий йилнинг сентябрь ойида Хива шаҳрида Халқаро Этноспорт фестивалини юқори савияда ўтказиш масаласи муҳокама қилинди. Ўз навбатида, катта кўламдаги тадбирни юқори савияда ташкил этиш юзасидан фестиваль тақдимоти ўтказилди. Халқаро Этноспорт Конфедерацияси томонидан бундай катта лойиҳани Ўзбекистонда ташкил этиш ташаббусини билдиргани учун Ўзбекистонга ва Ўзбекистон Республикаси Президентига миннатдорчилик билдирилди. Учрашув якунида, ушбу халқаро фестивални ўтказиш учун ишчи гуруҳ ташкил қилиш, халқаро этноспорт федерацияларини жалб қилишга келишилди.