1 январ куни соат 14:50 атрофида Хоразм вилояти, Шовот тумани, Бўйрачи маҳалласи ҳудудидаги маҳаллий аҳамиятга молик 91-02 йўлининг 21-километрида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди.
Вилоят ИИБ хабарига кўра, 1995 йилда туғилган шахс Cobalt русумли автомобилни Шовот–Урганч йўналишида бошқариб келаётган вақтда қўриқланмайдиган темирйўл кесишмасида йўл ҳаракати қоидаларини бузган.
Ҳодиса вақтида поезд локомотив машинисти кесишмага яқинлашаётганда огоҳлантирувчи сигнал берган, бироқ ҳайдовчи тўхтаган, сўнгра йўлга чиқиб кетган ва натижада поезд билан тўқнашув юз берган.
Воқеа оқибатида автомобильга жиддий шикаст етган, ҳайдовчи тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган. Ҳозирда ҳодиса сабаблари ва етказилган моддий зарар аниқланмоқда. Туман ИИБ томонидан тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.


