Ижтимоий тармоқларда Хоразм вилоятида “Тез ёрдам” машиналари бир неча ойдан бери носоз ҳолда ётгани, бунга эса эҳтиёт қисмлари йўқлиги сабаб экани айтилган хабар тарқалди. Ҳолат юзасидан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси муносабат билдирди.
Қайд этилишича, ҳолат вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан тегишли тартибда ўрганилган. Республика тез тиббий ёрдам маркази Хоразм филиалидаги махсус ва тез тиббий ёрдам автомашиналарини таъмирлаш аутсорсинг хизматига ўтказилган бўлиб, “Давлатли-Сардор сервис” оилавий корхонаси томонидан амалга оширилади.
Хусусан, РТТЁМ Хоразм филиали томонидан 2023 йил 17 майда 259270 ЛОТ рақами орқали аукцион савдоларига қўйилган ва 2023 йил 22 майдаги баённома орқали “Давлатли-Сардор сервис” оилавий корхонаси билан 2023 йил 29 майда 2023 йилнинг май-декабрь ойларида автомашиналарни таъмирлаш бўйича 384 миллион сўмга 21-сонли шартнома тузилган.
Аутсорсинг хизмати кўрсатувчи корхона томонидан автошина етказишда муаммолар юзага келганлиги учун филиалнинг ривожлантириш жамғармасидан тез тиббий ёрдам автомашиналарига автошиналар етказиб бериш бўйича биржа савдолари орқали 2023 йил 26 июлда МЧЖ билан шартнома имзоланган бўлиб, шартномага кўра, автошиналар ўн кун ичида етказиб берилиши белгиланган.
Ҳозирги кунда филиалдаги носоз автомашиналар ўрнига вақтинча захира автомашиналаридан фойдаланилмоқда.
“Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси аралашуви билан бугуннинг ўзида 3 та тез тиббий ёрдам автомашинаси таъмирланиб, фойдаланишга топширилди. Барча носоз автотранспортлар энг қисқа фурсатларда таъмирланиб, ишга туширилиши қатъий назоратга олинди. Носоз автотранспортларни таъмирлаш жараёнини назорат қилмаганлиги ва муддатида фойдаланишга топширилишини таъминламагани учун Республика тез тиббий ёрдам маркази Хоразм филиали масъулларига интизомий чоралар кўрилди”, — дейилади хабарда.


