1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Ўзбекистон

Хорижий тил ўқитувчилари учун халқаро тил сертификатини олиш муддати узайтирилди

B2 даражадаги миллий ёки халқаро тил сертификатига эга бўлмаган педагогларга 2026–2027-ўқув йилига қадар тайёргарлик имконияти берилади.

Хорижий тил ўқитувчилари учун халқаро тил сертификатини олиш муддати узайтирилди

 

 

 

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги хорижий тил фани ўқитувчиларининг лавозим малака талаблари бўйича расмий баёнот берди. Маълумотларга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 19 майдаги қарорига мувофиқ, умумий ўрта таълим муассасалари хорижий тил ўқитувчилари камида B2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган халқаро сертификатга эга бўлиши шарт. Ушбу талаб дастлаб 2024–2025-ўқув йилига қадар белгиланган бўлсада, педагоглар ва кенг жамоатчиликнинг мурожаатлари асосида бир неча бор узайтирилган.

 

Вазирлик таъкидлаганидек, тегишли сертификатларни олиш учун ўқитувчиларга жойларда малакали мутахассислар иштирокида бепул ўқув машғулотлари ташкил этилган. 2025 йилнинг сентябрь-декабрь ойларида 5 000 дан ортиқ педагоглар ушбу сертификатларни қўлга киритган бўлиб, улар ўқувчиларга сифатли таълим бериш билан бирга қўшимча моддий манфаатдорликка эга бўлишган. Ҳозирга келиб, 39 мингдан ортиқ хорижий тил фани ўқитувчилари сертификатга эга.

 

Вазирликнинг баёнотида шунингдек, бу ўқув машғулотлари бундан кейин ҳам давом эттирилиши, B2 даражадаги сертификатга эга бўлмаган педагогларга 2026–2027-ўқув йилининг бошланишигача тайёргарлик имконияти берилиши таъкидланди. Мазкур чоралар фарзандларимизнинг сифатли ва чуқур билим олишини таъминлаш, уларнинг келажак касбларини эгаллашида муҳим аҳамият касб этади.

 

Педагоглар ва кенг жамоатчиликдан эса расмий баёнотда амалиётга жорий этилаётган чораларни тўлиқ тушуниб, ўз касбий мажбуриятларига сидқидилдан ёндашиш сўралган. Вазирлик таъкидлаганидек, ушбу чора-тадбирлар мактабларда таълим сифатини ошириш, ўқитувчиларнинг малака даражасини ошириш ва ўқув жараёнини самарали ташкил этишда муҳим роль ўйнайди.

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика