Ижтимоий тармоқларда хорижий фуқаролар томонидан 2000 сўмлик банкнота ёқилгани акс этган видео тарқалди. Видеода уч нафар шахс банкнотани оловга тутиб, ундан сигарет ёқиб олаётгани ва кулиб суҳбатлашаётгани кўринади. Суҳбат оҳангига кўра, уларнинг хитойлик экани тахмин қилинмоқда.
Мазкур видео “Кичик Se” номли аккаунт орқали WeChat ижтимоий тармоғида жойлаштирилган. Kun.uz манбасига кўра, видеодаги шахслар Тошкент вилоятида жойлашган корхоналардан бирида ишловчи Хитой фуқаролари ҳисобланади.
Кадрлар давомида улар Ўзбекистон миллий валютаси — 2000 сўмлик купюрани ёқиб, унинг оловида сигарет тутатгани, бу ҳолатни кулги билан қарши олгани тасвирланган. Ушбу ҳаракат ижтимоий тармоқларда кескин танқидларга сабаб бўлди.
Қонунчиликка кўра, бундай хатти-ҳаракатлар жиноий жавобгарликка олиб келиши мумкин. Жиноят кодексининг 215-моддасида давлат рамзларига ҳурматсизлик учун жарима, мажбурий жамоат ишлари ёки ахлоқ тузатиш ишлари белгиланган. Маълумот учун, Ўзбекистон миллий валютасида давлат герби тасвири мавжуд.


