“Миллий тикланиш” демократик партияси раиси Алишер Қодиров болалар ҳуқуқларини таъминлаш, оиладаги зўравонликнинг олдини олиш ва жамият маънавий ҳолати масалалари юзасидан кескин фикр билдирди.
Унинг таъкидлашича, ота-оналар фарзандларига нисбатан истаган ҳаракатни амалга ошириш ҳуқуқига эга эмас. Болага нисбатан қўлланиладиган зўравонликнинг оқибатлари келажакда нафақат оила, балки бутун жамият зиммасига тушади.
“Болани ҳимоя қилиш керак. Унинг истаги ва манфаатлари инобатга олиниши шарт. Болага нисбатан зўравонликни қадрият сифатида оқлаб бўлмайди. Бу қадрият эмас”, — деди Қодиров.
Партия раҳбарининг айтишича, Ўзбекистон қадриятларида бола ҳурмат билан тарбияланган, аёл эса эъзозланган. Аёлларга нисбатан зўравонлик кучайгани сари жамиятда билимга, маърифатга, ахлоққа бўлган муносабат ҳам заифлашмоқда.
“Бизни қадриятимизда болани сизлаб катта қилишган, бизни қадриятимизда аёлни бошига кўтариб катта қилишган, авайлаб-асраб фойдаланган, оёғи билан тепиб фойдаланмаган. Оёғи билан тепиб фойдаланадиган эркаклар пайдо бўлгани учун бизда Бухорийлар туғилмаяпти, билимга иштиёқи йўқ, китоб ўқишга иштиёқи йўқ, атрофини ҳурмат қилмайди, жамиятни ҳурмат қилмайди, қўлига китоб ушлагиси келмайди, шунақа халқ бўлиб қоляпмиз. Нимага? Чунки биз аёлни эзиб ташладик, аёлни қулга айлантириб ташладик. Бу ҳолат келажак авлод тарбиясига бевосита таъсир қилмоқда”, — деди у.
Алишер Қодиров ота-онанинг “мен отаман, ҳуқуқим бор” деган қараши нотўғри эканини таъкидлаб, болага нисбатан зўравонликни қонунчиликда аниқ ва қатъий тарзда тақиқлаш зарурлигини қайд этди.
Унинг фикрича, болани уриб, қўрқитиб тарбиялаш жамиятни маънавий таназзулга олиб боради ва бундай ҳолат миллий қадриятларга мутлақо зид.


