Кеча, 16 июль куни АОКАда Халқ таълими вазирлиги Ички аудит хизмати фаолиятининг жорий йил I ярим йиллик натижалари сарҳисобига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Вазир ўринбосари Темур Комилов томонидан берилган маълумотларга кўра, жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида ўтказилган тадбирлар натижасида 270,4 млрд. сўмлик молиявий хато ва камчиликларнинг олди олинишига эришилган. Шу билан бирга, таълим муассасаларида ўтказилган 524 та назорат тадбирларида 37,7 млрд сўмлик қонун бузилиш, шундан 10,4 млрд сўмлик пул маблағларини ўзлаштириш ҳолатлари аниқланган.
Сурхондарё вилояти Денов туманида ўтказилган назорат тадбирида иш ҳақига нисбатан банкдан ортиқча олинган 2,8 млрд сўм нақд пул маблағлари кассага кирим қилинмасдан ўзлаштирилиши, фуқароларнинг шахсий кредитларни сўндириш ҳамда омонатга жойлаштириш орқали 6,9 млрд сўм маблағ талон-торож қилинган.
Бакалавр ва қайта тайёрлов дипломлари қалбакилаштирилиши ҳисобига Жиззах вилоятида 1,9 млрд сўм, Сирдарё вилоятида 1,8 млрд сўм, Бухоро вилоятида 1,4 млрд сўм, Қашқадарё вилоятида 0,1 млрд сўм, жами 5,3 млрд сўм миқдоридаги бюджет маблағлари ноқонуний сарфланган.
“Халқ таълими тизимига ажратилган маблағлар республика давлат бюджетидан тегишли ташкилотларга ажратилган энг катта миқдор кўрсаткичга эга — 30 триллион сўмга яқин. Шу боисдан тизимда аниқланаётган молиявий хато ва камчиликлар сони ҳам шунга мутаносиб равишда катта миқдорни ташкил қилади”, — дейди Темур Комилов.
Жорий йилнинг олти ойи давомида молиявий қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйган 125 нафар масъул шахсларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда интизомий жазо чоралари кўрилган. Уларнинг 89 нафарига ҳайфсан эълон қилинган, 16 нафарига жарима қўлланилган, 20 нафар масъуллар эса ўз лавозимидан озод этилган.
Аниқланган ҳолатлар бўйича ҳуқуқий баҳо бериш ва қонуний чора кўриш мақсадида таркибида жиноят аломатлари бўлган 37,6 млрд сўмлик ўрганиш материаллари ҳуқуқ-тартибот органларига тақдим этилган.
Эслатиб ўтамиз, бундан олдин Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизмида салкам 10 млрд сўм пул маблағлари талон-тарож қилингани хабар қилинганди.


