Таълимга оид ноёб асарлардан бири ўзбек тилида нашр этилди.
Президент таълим муассасалари агентлиги ва ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан таълим тадқиқотчиси Андреас Шляйхернинг "Жаҳон миқёсидаги таълим. XXI аср мактаб тизимини қандай барпо этмоқ керак?" номли китоби 5000 нусхада чоп этилди.
Андреас Шляйхернинг ушбу асари таълим тизимига дахлдор барча учун таълимнинг мақсад ва моҳиятини чуқур англаш, ўз таълим тизимини ислоҳ қилаётган мамлакатлар тажрибасидан фойдаланиш, таҳлил қилиш имконини беради.
Асар Ўзбекистондаги таълим тизимини такомиллаштириш учун нафақат давлат миқёсида, балки мактаб даражасида самарали қарорларни қабул қилиш ҳамда таълим жараёнини XXI аср талаблари асосида ташкил этишда беминнат кўмакчи бўла олади.
Ушбу китоб юртимиздаги таълим ташкилотларига бепул тарқатилади.


