25 октябрь куни қисман Қуёш тутилиши ҳодисаси кузатилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси хабар қилди.
Қайд этилишича, ушбу астрономик ҳодисани Исландия ва Гренландия ороли, Африканинг шимоли-шарқий қисми, Европа, Яқин Шарқ, Ғарбий Сибир ва Ўрта Осиё мамлакатлари аҳолиси кузатиши мумкин.
Қуёш тутилиши Тошкент вақти билан 15:23 да бошланиб, максимал фазаси 16:34 га тўғри келади. Шу пайтда Ой Қуёш юзасининг 68 фоизини тўсади ва бу вақтда Қуёшнинг горизонтдан баландлиги 21 градусни ташкил қилади. Тошкент шаҳрида Қуёш тутилишининг умумий давомийлиги 2 соат 4 дақиқани ташкил этади. Соат 17:38 да Қуёш тутилиши якунланади, бироқ Қуёшнинг ботиш вақти 17:27 га тўғри келади.
Маълумот учун: қисман Қуёш тутилиши деб Қуёш юзасининг маълум бир қисми Ой томонидан тўсилиш ҳолатига айтилади. Қуёш тутилишининг қисман бўлиши Ой ва Қуёш марказларининг устма-уст тушмасдан тўсилиши билан изоҳланади.


