Тошкентдаги “Янги Ўзбекистон” боғида мамлакатимиз давлат мустақиллигининг 34 йиллигига бағишланган тантанали байрам тадбири бўлиб ўтмоқда.
Маросимда Президент Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлаб, кўп миллатли халқимизни ҳамда хориждаги ватандошларимизни истиқлол байрами билан табриклади.
Давлат раҳбари ўз чиқишида сўнгги йилларда “Янги Ўзбекистон” ғояси асосида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, уларнинг натижасида халқимиз эркинлик ва имкониятларни амалда ҳис қилаётганини таъкидлади.
“Биз уч минг йиллик бой тарих ва маданиятимизни қайтадан англадик, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс анъаналарини давом эттириб, бугун Учинчи Ренессанс сари дадил қадамлар ташламоқдамиз. Ишончим комилки, Янги Ўзбекистон давлати ва жамияти тарихимизни янги уйғониш даври билан боғловчи мустахкам кўприкка айланади”, – деди Президент.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари “Инсон қадри учун, инсон бахти учун” тамойили бугун қудратли ҳаракатга айланганини қайд этди. Дунё миқёсида мураккаб вазият ҳукм сураётганига қарамай, мамлакатимиз иқтисодиёти 6 фоиздан юқори барқарор ўсажаётганини алоҳида эътироф этди.
Президент, шунингдек, аҳолининг йилига ўртача 700–800 минг нафарга ортиб бораётгани, меҳнат бозорига эса ҳар йили 500–600 минг ёш кириб келаётганини қайд этди. Уларни таълим ва касб-ҳунарга жалб этиш, бандликни таъминлаш учун тизимли ишлар, кафолатли инвестиция ва инфратузилма зарурлигини таъкидлаб, бу йўналишда аниқ дастурлар қабул қилинганини билдирди.


