Тошкент шаҳрида Янги йил байрами муносабати билан айрим кўчаларда транспорт воситалари ҳаракати чекланади. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди. Чекловлар байрам тадбирларига тайёргарлик кўриш, уларни юқори савияда ўтказиш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида жорий этилмоқда.
Маълум қилинишича, 15 декабрдан 15 январгача Ўзбекистон Миллий кутубхонаси олд майдонида жойлашган бир қатор кўчалар ёпилади. Хусусан, Зарафшон кўчасининг Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонаси қўриқлаш пунктидан Матбуотчилар кўчасигача бўлган қисми, Истиқлол кўчасининг Амир Темур шоҳ ва Буюк Турон кўчалари оралиғи, шунингдек, Буюк Турон кўчасининг Истиқлол кўчасидан Ёшлар ижод саройигача бўлган қисмида ҳаракат чекланади.
Шунингдек, 17 декабрдан 5 январгача Тарас Шевченко гастрономик-туризм кўчасида ҳам вақтинчалик чекловлар амал қилади. Бу даврда Тарас Шевченко кўчасининг Фидокор кўчасидан Нукус кўчасигача, ҳамда Саййид Барака кўчасининг Ойбек кўчасидан Амир Темур шоҳкўчасигача бўлган қисми ёпилади. Ҳайдовчилардан ўз ҳаракат йўналишларини олдиндан режалаштириш сўралди.


