Ижтимоий тармоқда Тошкент вилоятининг Янгийўл туманидаги “Туябўғиз“ МФЙ ҳудудида илонлар қўйиб юборилгани айтилган видеолар тарқалмоқда. Ҳолат юзасидан Тошкент вилояти Экология бошқармаси расмий муносабат билдирилди.
Аниқланишича, туманнинг “Туябўғиз“ МФЙ ҳудудида яшовчи фуқаро Н.Ю. ўзи яшаётган хонадонида 30 дан ортиқ “Осиё кобра” илонларини тегишли рухсатномаларсиз сақлаб келган. Номаълум сабабларга кўра, фуқаро Н.Ю. хонадонида сақланаётган илонлар очиққа қўйиб юборилган. Бу ҳолат маҳаллий аҳоли томонидан аниқланиб, иккита кобра илони тутиб ўлдирилган.
Ҳозирги вақтда ишчи гуруҳ томонидан шу яқин атрофда яшовчи аҳоли хонадонларида дорилаш ишлари олиб борилмоқда.
Кобра боққан шахсга нисбатан ИИБ ходимлари томонидан дастлабки суриштирув олиб борилаётгани маълум қилинади, дейилади Тошкент вилояти Экология бошқармаси матбуот хизмати хабарида.


