Япония ҳам Марказий Осиёнинг беш давлати билан саммит ўтказмоқчи. Учрашув жорий йилнинг 19-20 декабрь кунлари Токио шаҳрида бўлиб ўтиши режалаштирилмоқда.
Япония бош вазири Санаэ Такаичи ва Марказий Осиё давлат етакчилари ўртасида икки томонлама учрашувлар ташкил қилиниши ҳам кўриб чиқилмоқда.
Бу режалар Япониянинг ҳукмрон Либерал-демократик партияси (ЛДП) вице-президенти Таро Асо томонидан сешанба куни Японияга ва Марказий Осиё мамлакатларига дўстликни мустаҳкамлашни мақсад қилган ЛДП қонунчилари лигасининг умумий йиғилишида маълум қилинди.
“Охирги олти ой ичида Россия, Хитой, АҚШ ва бошқа давлатлар Марказий Осиё мамлакатлари билан саммитлар ўтказди. Япония ҳам бундай саммитни муваффақиятли ўтказиши дипломатик жиҳатдан ниҳоятда муҳим”, - деган Асо.
Маҳаллий “Nipo” нашрининг ёзишича, Япония ушбу беш мамлакат билан алоқаларни ривожлантиришни мақсад қилган.
“Бу беш давлат — Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон — собиқ Совет Иттифоқи таркибида бўлган ва Россия билан кучли тарихий алоқаларга эга. Шу билан бирга, Хитой ҳам сўнгги йилларда ушбу мамлакатлар билан алоқаларни сезиларли даражада кенгайтирган.
Япония Хитой ва Россиянинг таъсирини камайтириш мақсадида Марказий Осиё давлатлари билан халқаро ҳуқуқ тамойилларига асосланган тартибни сақлаш ва мустаҳкамлаш борасидаги ҳамкорликни тасдиқлашни истамоқда”, -дейилади хабарда.
Бу саммит минтақага нима беради?
Ўтказилиши режалаштирилган саммит ва иқтисодий нафлар ҳақида Zamon.uz мухбири Шоҳжаҳон Мажидов иқтисодчи Бекзод Зокиров билан суҳбатлашди.
Унинг айтишича, Япония Марказий Осиё давлатлари учун геосиёсий рақобатчи эмас, балки барқарорлик ва ишончга асосланган шериклик таклиф қиладиган мамлакат.
Зокировга кўра, Япония минтақа мамлакатларига “блоклар эмас, кўприклар” тамойили асосида муносабатда бўлади. Бу эса Марказий Осиё (МО) давлатлари учун Хитой ва Россия таъсирини мувозанатлаштирувчи ва сиёсий босимларсиз ҳамкорлик қилиш имконини беради.
“Шу ойда ўтказилиши режалаштирилган биринчи Япония–Марказий Осиё саммити Япониянинг узоқ муддатли ҳамкорлигини яққол тасдиқлайди. Япония глобал қоидалар, барқарорлик ва сифатли ривожланишга урғу беради ва бу МО давлатлари учун халқаро майдонда мустақил овозга эга бўлиш имкониятини кенгайтиради”, - деди у.
Иқтисодчи Япониянинг минтақа мамлакатлари учун энг аввало инфратрузилма, транспорт ва энергия хавфсизлиги йўналишларида бериши мумкинлигини алоҳида таъкидлади. JICA ва JBIC орқали йирик ҳажмдаги грантлар ва паст фоизли кредитлар билан инфратузилма қурилишида, хусусан темир йўллар, шаҳар транспорти, энергия тармоқлари, сув инфратузилмаси борасида ёрдам бериб келади.
Бу давлатларнинг глобал бозорларга чиқиш, транзит салоҳиятини кенгайтириш ва таъминот занжирига интеграция бўлиш имкониятини кучайтиради.
“Декабрь саммитида кутилаётган декарбонизация, тоза энергия, сув ресурсларини бошқариш каби йўналишлар Марказий Осиё давлатларининг узоқ муддатли иқтисодий барқарорлиги билан мос келади. Токио таълим, касбий тайёрлов, бошқарув компетенциялари ва илмий алмашинув орқали минтақанинг профессионал салоҳиятини ошириб келади”, - деди иқтисодчи Бекзод Зокиров.
Маълумот учун, 2024 йилнинг август ойида Қозоғистонда Япония-Марказий Осиё саммитини ўтказиш режалаштирилган эди. Бироқ ўша пайтда Тинч океанининг Японияга туташ Нанкай жарлигида кучли зилзила юз бериши мумкинлиги ҳақидаги фавқулодда огоҳлантиришлар сабабли, собиқ бош вазир Фумио Кисида ҳукумати ушбу вазиятга устувор равишда жавоб беришни маъқул кўриб, саммитни бекор қилган эди.
2025 йилда учрашув ўтказиш режалари ноябрь ойи охирида маълум бўлди. Япония бош вазири Санаэ Такаичи бўлажак саммитдан табиий ресурсларга бой давлатлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш, мамлакатнинг иқтисодий хавфсизлигини кучайтириш ҳамда турли соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш учун фойдаланишни кўзламоқда.
Япония + Марказий Осиё бу қандай саммит?
Мазкур саммит дастлаб 2004 йилда “Япония + Марказий Осиё диалоги” шаклида Ташқи ишлар вазирлари даражасидаги мулоқот формати асосида расман йўлга қўйилган. 2006 йилдаги Вазирлар йиғилиши Токиода бўлиб ўтган.
2015 йилдаги учрашув эса Туркманистонда бўлиб ўтган. 2019 йилда эса мазкур учрашув Тожикистонда бўлиб ўтган.
2025 йилнинг 19-20 декабрь кунлари Токиода ўтказилиши режалаштирилаётган саммит бошқаларидан фарқи шундаки, бу галгисида ташқи ишлар вазирлари эмас, мамлакат раҳбарлари иштирокида амалга ошади.


