Япония ҳукумати норасмий даражада AUUKUS альянсига таклиф қилинди. Бу ҳақда Sankei газетаси хабар берди.
Газета маълумотларига кўра, альянс Японияни янги ҳарбий қуроллар ишлаб чиқиш жараёнига жалб қилмоқчи. Гап бу ерда биринчи навбатда гипертовушли ракета, электрон ва кибер урушга қарши воситалар, сунъий интеллект ва криптотизимлар ҳақида кетмоқда. Таклиф AUUKUS'га аъзо ҳар уч давлат — Австралия, Буюк Британия ва АҚШдан келиб тушган.
Токиода альянсга қўшилиш тарафдорлари мавжудлиги қайд этилган. Уларнинг фикрича, бу Хитойни тийиб туришга ёрдам беради. Аммо Япония ҳукумати бош котиби Хирокадзу Мацуно Токиода бўлиб ўтган матбуот анжуманида Япониянинг ҳарбий блокка таклиф қилинганини инкор этди.
Маълумот ўрнида: AUUKUS 2021 йил сентябрида АҚШ, Буюк Британия ва Австралия томонидан тузилган.
Аввалроқ австралия ва АҚШ ўртасида янги ҳарбий шартнома имзолангани тўғрисида хабар берилганди.


