Япония қишлоқ хўжалиги вазири Таку Это истеъфога чиқди. Бунга унинг гуруч ҳақида айтган оддий, аммо ижтимоий жиҳатдан оғриқли гапи сабаб бўлди. Якшанба куни у "ҳеч қачон гуруч сотиб олмаганман, уни тарафдорлар совға қилади" деган эди. Бу сўзлар аҳолининг гуруч нархи билан боғлиқ оғир аҳволи фонида айтилгани учун кескин танқидга учради. Бугун Японияда гуруч нархи рекорд даражага чиқиб, ҳар бир уй бекасининг саватидаги асосий маҳсулотга айланган.
Вазир кечирим сўраб, истеъфога чиқди. “Нархлар ошиб бораётган пайтда бундай ноўрин гап айтганимдан афсусдаман,” деди Это журналистларга. Бу — Бош вазир Шигеру Ишиба раҳбарлиги остидаги ҳукуматда рўй берган илк истеъфо бўлди. Айни вақтда Либерал-демократик партия миллий сайловларга тайёргарлик кўраётган бир пайтда, бу сиёсий муаммо партия обрўсига қаттиқ зарба бўлиши мумкин.
Ишиба вазирликка тезда янги номзодни тайинлади — собиқ атроф-муҳит вазири, таниқли сиёсатчи Шинжиро Коизуми. Унинг айтишича, бош вазир унга “биринчи навбатда гуруч масаласини ҳал қилиш” топшириғини берган. “Оддий одамлар бу вазиятдан чарчаган. Мен ҳам фарзандларимга тез тайёрланадиган гуруч бераман. Бу оғирликни юрагимда ҳис қиламан,” деди Коизуми.


