Токио шаҳридаги мингга яқин ўринга эга «Гинза» саройида Японияда “Ўзбекистон маданияти кунлари” тадбирларининг очилиш маросимига бағишланган концерт дастури бўлиб ўтди.
“Ўзбекистон маданияти кунлари” тадбирларининг очилиш маросимига бағишланган концерт дастурида Ўзбекистоннинг таниқли санъаткорлари иштирокида концерт дастури намойиш этилди.
“Бугун биз Японияда “Ўзбекистон маданияти кунлари” тадбирларининг очилиш маросимида йиғилиб турибмиз. Бу нафақат маданий ҳаётимиздаги муҳим воқеа, балки Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги дўстлик ва ўзаро ҳурматга асосланган алоқаларнинг яна бир ёрқин ифодасидир. Ўзбекистон ва Япония халқларини қадимий тарих, бой маданият, анъаналарга садоқат ва келажакка ишонч бирлаштириб туради. Икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар йилдан-йилга мустаҳкамланиб, сиёсий, иқтисодий ва, айниқса, маданий соҳаларда изчил ривожланиб бормоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида, жамият ҳаётининг барча соҳалари ривожланмоқда ҳамда Ўзбекистон очиқ ва замонавий давлат сифатида дунёга янада танилиб бормоқда.
Маданият ва санъат соҳасига қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли, миллий маданиятни асраб-авайлаш, ижодкорларни қўллаб-қувватлаш ва халқаро маданий алоқаларни кенгайтириш давлат сиёсатининг муҳим йўналишига айланган. Бугунги “Ўзбекистон маданияти кунлари” тадбири ана шу сиёсатнинг амалий натижаларидан биридир” - деди вазир Озодбек Назарбеков нутқи давомида.
Концертда Юнус Ражабий номидаги «Мақом» ансамбли хонандалари, «Тумор» рақс ансамбли раққосалари, «Ниҳол» мукофоти совриндори Умид Исроилов, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ артисти Муножат Йўлчиева, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Илёс Арабов, Ўзбекистон халқ артисти Зулайхо Бойхонова, «Зулфия» номидаги Давлат мукофоти совриндори Шахноза Ёқубжонова, Ўзбекистоннинг Япониядаги маданият элчиси Машу Комазаки, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдурашид Йўлдошев, Ўзбекистон халқ артисти Гулсанам Мамазоитова иштирок этишди.
Японияда “Ўзбекистон маданияти кунлари” тадбирлари давом этмоқда.
Япониядаги “Ўзбекистон маданияти кунлари” тадбирлари доирасида санъат усталари иштирокида концерт дастурлари, фотокўргазма ҳамда бир қатор расмий учрашувларнинг ўтказилиши режалаштирилган.


