Европанинг энг йирик порти ҳисобланган Нидерландиянинг Роттердам порти Россия билан эҳтимолий ҳарбий можарога тайёргарлик кўриш бўйича амалий чораларни кўришни бошлади. Бу ҳақда Financial Times нашри ўз манбаларига таяниб хабар берганини Oxu.Az портали тарқатди.
Хабарга кўра, Роттердам порти ҳозирда бир қатор инфратузилма ва логистика чораларини амалга оширмоқда. Жумладан, ҳарбий юкларни ташишга мўлжалланган кемалар учун махсус жойлар ажратилмоқда. Шунингдек, тўлиқ ҳарбий можаро юзага келган тақдирда, қурол-яроғ ва ҳарбий техникаларни қаерга етказиш лозимлигини ҳисоблаш ишлари ҳам олиб борилмоқда.
Роттердам порти бош директори Будевейн Симонснинг таъкидлашича, бундай ҳолатларда бошқа йирик портлар билан ўзаро ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга бўлади: “Агар катта ҳажмдаги ҳарбий юкларни жўнатиш зарур бўлса, биз Антверпен ёки бошқа портларга мурожаат қиламиз. Энди биз бир-биримизни рақобатчи сифатида эмас, балки стратегик ҳамкор сифатида кўряпмиз”, — деди у.
Мазкур тайёргарликлар Европа Иттифоқининг мудофаа соҳасида ўз қудратини мустаҳкамлаш ва АҚШдан ҳарбий жиҳатдан мустақил бўлишга интилиши доирасида олиб борилмоқда. Иттифоқ мамлакатлари ўз ҳарбий салоҳиятини кучайтириш ва логистика тизимларини ҳар қандай фавқулодда вазиятларга тайёр ҳолга келтиришга эътибор қаратмоқда.


