Европарламент кўпчилик овоз билан Россиянинг Украинага қарши 2022 йил 24 февралда бошланган кенг кўламли ҳарбий амалиётининг бир йиллиги тўғрисидаги резолюцияни қабул қилди. Бу ҳақда «Корреспондент» нашри ёзмоқда.
Страсбургдаги ялпи мажлисда 444 депутат ҳужжатни ёқлаб, 26 нафари қарши, 37 нафари бетараф овоз берди.
Шу муносабат билан Европарламент Европа Иттифоқи давлатлари, АҚШ, Буюк Британия ва Канадани Украинани замонавий жанговар танклар билан таъминлаш бўйича ўз мажбуриятларини имкон қадар тезроқ бажаришга чақирди.
Европарламент, шунингдек, Россиядан “Украина ва бошқа қўшни давлатларнинг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини бузиш ёки таҳдид қилишни бутунлай тўхтатишни” талаб қилди.
“Россия агрессияси фақат Украина билан чекланиб қолмайди. Чунки у Европа Иттифоқининг барча Шарқий шериклик мамлакатлари, хусусан, Молдова Республикаси хавфсизлиги ва иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатмоқда”, — деб таъкидлади парламент депутатлари.


