Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляен, Нидерландия ва Италия ҳукумат раҳбарлари ҳамда Тунис президенти Қайс Саид имзолаган декларациясига кўра, Тунис 900 миллион еврогача молиявий ёрдам олиши мумкин. Бунинг эвазига Шимолий Африканинг ушбу давлати муҳожирларни Европага денгиз орқали ноқонуний олиб ўтиш ва контрабандага қарши курашга қўшилиши керак.
Ўз навбатида, Саид келишувларни «имкон қадар тезроқ» амалга оширишга ваъда берди. У ноқонуний миграция атрофидаги вазиятни «ғайриинсоний» деб атади ва бу муаммони биргаликда ҳал қилиш мумкин, деган фикрни билдирди.
ЕИ маблағларидан 100 миллион евро денгизда муҳожирларни қидириш ва қутқариш, шунингдек, уларни ўз ватанига қайтариш учун йўналтирилиши режалаштирилмоқда. Бу шу пайтгача Тунисга Европа бюджетидан ушбу мақсадлар учун ажратилган ўртача йиллик маблағдан уч баробар кўпдир.
Қайд этилишича, жорий йилда Европа Иттифоқига Ўрта Ер денгизи орқали келган ноқонуний муҳожирлар сони кескин ошган. Кўпчилик учун Тунис транзит нуқтасидир. Муаммо айниқса Италия учун кескин. Йил бошидан буён у ерда денгиз орқали мамлакатга келган 75 минг муҳожир рўйхатга олинган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврида 31,9 минг эди.
Италия бош вазири Жоржа Мелони сўзларига кўра, у Европа Иттифоқи Шимолий Африканинг бошқа давлатлари билан Тунис келишувига ўхшаш шартномалар туза олишига умид қилмоқда.
Қайд этилишича, Туниснинг пул олиши учун эса бошқа масала бўйича ижобий қарор қабул қилиниши керак. Мамлакат ҳалигача ХВЖ ваъда қилган 1,9 миллиард долларлик кредитни қабул қилмади, чунки президент Саид зарур ислоҳотларни амалга ошириш бўйича мажбуриятларни ўз зиммасига олмаяпти, дея эслатади dpa агентлиги.


