Жорий йил бошидан буён Ўзбекистонда ишлаб чиқариш жараёнида содир бўлган бахтсиз ҳодисалар оқибатида 200 нафардан ортиқ фуқаро ҳалок бўлди. Энг кўп нохуш ҳолатлар қурилиш соҳасида қайд этилган.
Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари Марат Жўраевнинг маълум қилишича, йил бошидан буён республика бўйлаб 730 дан ортиқ ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса содир бўлган.
Мазкур даврда 7 327 та корхона ва ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилиш ҳамда техника хавфсизлиги бўйича текширувлар ўтказилиб, қарийб 11 мингта қоидабузарлик аниқланган.
Расмий маълумотларга кўра, 731 та ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса натижасида 813 нафар ходим турли даражада жароҳат олган. Уларнинг 212 нафари вафот этган, 535 нафари оғир, 26 нафари эса енгил тан жароҳати олган.
Соҳа кесимида энг кўп бахтсиз ҳодисалар қурилиш тармоғида қайд этилган — 198 та ҳолат. Шунингдек, енгил саноатда 43 та, транспорт соҳасида 36 та, қишлоқ хўжалигида эса 35 та ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса рўй берган. Қолган ҳолатлар бошқа тармоқлар ҳиссасига тўғри келади.
Бахтсиз ҳодисаларни ўрганиш ва тергов қилиш жараёнида 2 372 та меҳнат муҳофазаси талабларига зид ҳолатлар аниқланиб, масъул мансабдор шахсларга жами қарийб 1 миллиард сўм миқдорида жарима қўлланилган. Шунингдек, 196 та ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган.
Мазкур ҳодисалар оқибатида жабрланган ишчилар ва уларнинг оила аъзоларига жами 6,1 миллиард сўм миқдорида компенсация тўловлари амалга оширилган.
Масъуллар ишлаб чиқаришда меҳнат хавфсизлигини таъминлаш, назоратни кучайтириш ва профилактик чораларни янада қатъийлаштириш зарурлигини таъкидлади.


