Тошкент шаҳрида маданият ва санъат соҳасидаги нуфузли лойиҳа — “Янги Ўзбекистон юлдузлари” миллий мукофотининг тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Тўртинчи бор ўтказилган ушбу мукофот бу йил кенг қамровли ва янгича руҳда ташкил этилди.

Тадбирнинг энг муҳим янгилиги — илк бор “Йилнинг энг яхши хориждаги ўзбек маданияти тарғиботчиси” номинацияси жорий этилди. Бу эса мукофотнинг халқаро миқёсга чиқаётганидан далолат беради. Мазкур номинация бўйича ғолиб Арман Нурмахаматули (Қозоғистон) деб топилди.

Маросимда Озарбайжон, Тожикистон, Бошқирдистон каби давлатлардан таниқли санъаткорлар иштирок этди. Жумладан, «Ҳомай» қўшиғи билан дунёда машҳур бўлган Ай Ёла гуруҳи, Нигина Амонқулова, Менсум Иброҳимов ва Гулянақ Мемедова меҳмон бўлди.
Очиқ овоз бериш асосида 20 та номинация бўйича 20 нафар ижодкор ғолиб деб топилди. Улар орасида мақом, опера, эстрада, театр, кино, фольклор, рақс, цирк ва тасвирий санъат йўналишидаги етук ижодкорлар бор.

Ғолибларга махсус статуэтка, сертификат ҳамда базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари миқдорида пул мукофоти топширилди.
Тантанали маросим пойтахтдаги “Ренессанс Ҳалл” биносида бўлиб ўтди. Мукофот Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари ижроси доирасида мунтазам ўтказиб келинмоқда.


