Шимолий Кореянинг собиқ ташқи ишлар вазири Ли Ён Хо ва яна беш дипломат 2022 йилда қатл этилган бўлиши мумкин. бу ҳақда Япониянинг Yomiuri газетаси хабар берди.
Нашр маълумотларига кўра, Пхеньян уларнинг бошқа давлатга қочиб кетишидан хавотирга тушган. Қатл ўтган йилнинг ёз ёки кузида амалга оширилган бўлиши мумкин. Газета манбаларига кўра, қатл этилганлар орасида Ли Ён Хо билан бирга Британия элчихонасида ишлаган дипломатлар ҳам бор.
Ли Ён Хо 2016-2020 йилларда КХДР ташқи ишлар вазирлигини бошқарган. 2011 йилда у Шимолий Корея ядро дастури бўйича олти томонлама музокараларда мамлакат делегациясига бошчилик қилган. Шунингдек, дипломат Дональд Трамп даврида АҚШ билан маслаҳат учрашувларида ҳам иштирок этган.