Ижтимоий тармоқда сўнгги кунларда Зангиота юкумли касалликлар шифохонасида коронавирусга чалинган беморлар сони кескин ортгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Мутахассилар касалхонадаги вазият бўйича маълумот берди.
Аайни пайтда 4000 ўринга мўлжалланган Зангиота 1 ва 2-сон юқумли касалликлар шифохонасида коронавирус ташхиси қўйилган ва касалликка гумонланган 900 нафарга яқин бемор даволанмоқда. 93 нафар бемор эса жонлантириш бўлимида даво муолажаларини оляпти.
Касалланишлар сони ошган бўлса-да, бугун шифохонага ётқизилаётган аксарият беморларда ўпка зарарланиши, сатурациянинг пасайиши каби жиддий асоратлар кузатилаётгани йўқ.
“Ўтган йилнинг шу даври билан таққосласак, беморлар сони жуда паст. Айни пайтда муассасамизга мурожаат қилаётган ва госпитализацияга кўрсатма бўлган беморларнинг барчаси шифохонага ётқизилиб, уларга зарур тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Марказимиз етарли даражада тиббий анжом ва дори воситалари билан таъминланган”, — дейди шифохона директори ўринбосари Ҳилола Алимова.
Мутахассис фуқаролардан ўзларида касаллик аломатларини сезса, Зангиота юқумли касалликлар шифохонасига эмас, аввало, яшаш ҳудудидаги оилавий поликлиника ёки оилавий шифокор пунктига ҳамда Санитария эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг туман бўлимларига мурожат қилишини илтимос қилган.
“Сабаби шифохонамиз коронавирусга тест топширадиган ёки тана ҳароратини ўлчайдиган муассаса эмас. Балки COVID-19га чалинган ва хасталик оғир ҳамда ўта оғир кечаётган беморлар даволаниши учун мўлжалланган шифо масканидир”, — дейди у.