АҚШ президенти Доналд Трамп Украина президенти Владимир Зеленский яқин вақт ичида амалий чоралар кўрмаса, тинчликка эришиш имконияти қўлдан бой берилиши мумкинлигини маълум қилди. Бу ҳақда DW нашри хабар берди.
АҚШ раҳбари Оқ уйда журналистлар билан суҳбат чоғида Россия келишувга эришишга қизиқиш билдираётганини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, Украина раҳбарияти ҳам тинчлик жараёни бўйича фаол ҳаракат қилиши лозим.
“Россия келишувга эришмоқчи. Зеленский ҳаракат қилиши керак. Акс ҳолда, у муҳим имкониятни қўлдан бой бериши мумкин”, — деган АҚШ президенти.
АФП агентлиги Трампнинг ушбу баёнотини Мюнхен хавфсизлик конференцияси фонида берган изоҳлари билан боғлиқ ҳолда келтирган.
Шунингдек, журналистларнинг халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича саволларига жавоб берар экан, АҚШ раҳбари мамлакатининг НАТО билан муносабатлари юқори даражада эканини қайд этган. Унинг сўзларига кўра, альянсга аъзо давлатлар раҳбарлари билан яқин алоқалар сақланиб қолмоқда.
DW хабарига кўра, АҚШ томони Россия билан тинчлик келишувига эришиш имкониятларини муҳокама қилиш зарурлигини таъкидламоқда.
Олдинроқ АҚШ, Россия ва Украина делегациялари ўртасидаги музокараларнинг навбатдаги босқичи февраль ойининг ўрталарида Женевада ўтказилиши режалаштирилгани ҳақида маълумот берилганди. Аввалроқ ўтказилган музокаралар эса сезиларли натижа бермаган.


