Польша президентининг халқаро масалалар бўйича вакили 5 апрель, чоршанба куни Варшавага Украина президенти Владимир Зеленскийнинг ташрифи кутилаётганини айтди.
Маркин Пшидачнинг сўзларига кўра, ташриф президент Анжей Дуданинг таклифига биноан амалга оширилади.
"Томонлар ўртасида узоқ ва пухта музокаралар бўлиб ўтади, унда нафақат хавфсизлик масалалари, балки иқтисодий ва сиёсий кўмак бўйича ҳам кенг кўламли мавзулар бўйича суҳбат бўлади", — деди Пшидач.
Полша президенти девонига кўра, Дуда билан расмий музокаралардан сўнг Варшавадаги Қалъа майдонида очиқ учрашув ўтказилиши режалаштирилган.
Илгари Зеленский Польшага фақат қисқа муддатли амалий ташрифлар билан келган. Украина президенти девони ҳали Зеленскийнинг Варшавага ташрифи ҳақида эълон қилмади.


