Ҳукуматнинг 2026 йил 9 февралдаги 48-сон қарори билан “Зўравонликдан жабрланган, зўравонлик содир этилиши хавфи остида бўлган ҳамда ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган болалар ва уларнинг оилаларига ижтимоий хизматларни ташкил қилиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.
Низомга кўра, зўравонликдан жабрланган ёки зўравонлик хавфи остида бўлган болалар ва уларнинг оилаларига ижтимоий хизматлар ҳимоя қилиш режаси асосида кўрсатилади. Ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган болалар ва оилалар учун эса индивидуал интеграция режаси асосида хизматлар ташкил этилади.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар ва уларнинг оилаларига қуйидаги шаклларда хизматлар кўрсатилади:
— 6 ойгача қисқа муддатли ижтимоий хизматлар;
— 1 йилгача узоқ муддатли ижтимоий хизматлар;
— 1 йилгача туну-кун кўрсатиладиган ижтимоий хизматлар;
— болалар ва уларнинг оилалари учун “Меҳрли оила” хизмати.
Ижтимоий хизмат кўрсатиш истагини билдирган якка тартибдаги тадбиркорлар ёки юридик шахслар “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизимидаги ижтимоий хизмат кўрсатувчиларнинг ягона реэстрига киритилиши лозим.
Рўйхатдан ўтиш учун талабгор томонидан сўровнома тўлдирилади ва у 10 иш куни ичида белгиланган талабларга мувофиқлиги бўйича кўриб чиқилади. Жумладан, камида 2 нафар психоижтимоий мутахассис мавжудлиги, уларнинг камида 1 йиллик иш тажрибасига эга бўлиши ҳамда тиббий маълумотномаси бўлиши, шунингдек бино ва иншоотларда санитария талабларига риоя қилинганлиги ўрганилади.
Сўровнома тасдиқлангач, талабгор ягона реэстрга киритилади ва бу ҳақда унинг шахсий кабинетига электрон хабарнома юборилади.


