Ўтган йили Тошкент вилоятида 96 та мактабгача таълим муассасаси, жумладан, 45 таси Инвестиция дастури, 22 таси "Обод маҳалла" дастури бўйича ва қолгани ҳукуматнинг тегишли қарорлари ижроси доирасида қурилиб, таъмирланиши лозим эди. Бунинг натижасида 57 та қўшимча бино қурилиши ва 7 минг 724 нафар бола учун янги ўринлар яратилиши кўзда тутилганди. Бироқ турли важ ва сабабларга кўра ҳалигача 53 та объектда қурилиш якунига етказилмаган.
Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Зойир Мирзаев раислигида мактабгача таълим йўналишида амалга оширилаётган ишлар, йўл қўйилаётган камчиликлар таҳлилига бағишланган йиғилишда айни йўналишдаги ишлар қониқарсиз экани танқид қилинди.
Таъкидланганидек, вилоятда боғча ёшидаги (3-7 ёшли) болаларни мактабгача таълимга қамраб олишни 69 фоизга етказиш режалаштирилган. Бироқ ҳанузгача белгиланган мақсадга эришилмаяпти. Ҳоким бу масалага ҳам жиддий эътибор қаратиб, мутасаддиларга қатъий топшириқлар берди.
Онлайн тарзда ташкил этилган йиғилишда ҳар бир туман-шаҳарда фойдаланишга топширилиши кечикаётган қурилиш объектларининг сабаблари ўрганилди.
Аниқланишича, баъзи лойиҳаларга ажратилган маблағлар реалликдан йироқ, ошириб кўрсатилган, ёки ўз вақтида ажратилмаган. Аксар ҳолатларда қурилиш ташкилотлари иш жараёнида сусткашлик ва ўзбошимчаликка йўл қўйилган.
Бу кўзбўямачиликларга Зойир Мирзаев жим қараб ўтирмади. Бунёд этилиши лозим бўлган ҳар бир объект бўйича туман-шаҳар ҳокимлари, қурилиш ва лойиҳачи ташкилотлар вакиллари билан бирма-бир гаплашиб, масалага ойдинлик киритди. Айбдорларга нисбатан тегишли чоралар кўриш бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари масалага ҳуқуқий баҳо беришлари лозимлиги айтилди.
Шунингдек, мутасадди раҳбарларга боғчалар қурилишида замонавий, тежамкор ва сифатли технологияларни қўллаш, маҳаллий хомашёдан фойдаланиш, болаларга қулайлик яратиш борасида зарур таклифлар ишлаб чиқиш талаби қўйилди. Бу ишларга масъул бўлган ҳокимларнинг қурилиш масалалари бўйича ўринбосарлари жавобгарлигини ошириш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.
Мазкур йиғилишдан мутасаддилар етарли хулоса олгани ва мавжуд вазиятни ўнглаш учун барча тезкор чоралар кўрилишини билдирди. Демак, инкор этиб бўлмайди: таҳлил чуқур, танқидлар ўринли, камчиликлар асосли. Ўз навбатида, вазият яхшиланмагунча бу масала кун тартибида. Бироқ Зойир Мирзаев қурилиш масалалари бўйича мутасаддиларнинг баҳоналарини қабул қилди. Қайсидир маънода уларга имкон берди. Лекин топшириқларни ўз вақтида бажармаган ёки хатога йўл қўйган ходимларга чора кўрилган ёки кўрилмагани ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмаган.
Йиғилишдаги ваъдалар қай даражада бажарилишини вақт кўрсатади.


