Хитойда 14 соат давомида дарс қилган бола шифохонага ётқизилди
11 ёшли бола ёзги уй вазифасини бир кунда бажаришга уринган.

Хитойнинг Хунан провинциясида 11 ёшли мактаб ўқувчиси уй вазифаларини ортиқча даражада бажаришга уриниши оқибатида шифохонага ётқизилди.
26 август куни Лян Лян исмли бола эрталаб соат 8:00 дан кечки 22:00 гача узлуксиз дарс тайёрлаш билан шуғулланган. Бир неча соат ўтгач, унда нафас қисилиши, бош айланиши, бош оғриғи ва қўл-оёқларда карахтлик белгилари кузатилди. Ота-онаси уни дарҳол шифокорга олиб борди.
Шифокорлар ўқувчига гипервентиляция синдромидан келиб чиққан нафас йўллари бузилиши ташхисини қўйишди. Болага нафас олиш ниқоби тақилиб, қисқа муддат ичида унинг аҳволи яхшиланди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай ҳолат кўпинча ҳиссий зўриқиш, ота-оналар билан келишмовчилик, имтиҳонолди ташвиш ёки узоқ вақт телефон ва гаджетлардан фойдаланиш билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Шифокорларнинг огоҳлантиришича, гипервентиляция синдроми нафақат нафас қисилиши ва юрак уриш тезлигининг ошишига, балки оғир ҳолларда мушакларнинг қаттиқлашиши ва ҳатто ҳаёт учун хавф туғдириши мумкин.
Худди шу белгилар билан август ойида вилоятдаги тез ёрдам бўлимига 30 дан ортиқ ўқувчи мурожаат қилгани маълум қилинди. Бу бошқа ойларга нисбатан 10 баробар кўпдир.







