Ўзбекистон

“Қурилиш тармоғидаги ишларимиз ҳам инсон қадрини улуғлашга қаратилмоқда”

Президент қурувчиларга байрам табриги йўллади.

“Қурилиш тармоғидаги ишларимиз ҳам инсон қадрини улуғлашга қаратилмоқда”

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон қурувчиларига байрам табриги йўллади. Табрий матни давлат раҳбари матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.

 

“Ҳурматли дўстлар! Аввало, ўз ҳаётини дунёдаги энг шарафли касблардан бири бўлган қурилиш соҳасига бағишлаган сиз, азизларни қутлуғ касб байрамингиз билан чин қалбимдан самимий муборакбод этиб, барчангизга ўзимнинг чуқур ҳурматим ва эзгу тилакларимни изҳор этаман.

 

Ҳеч шубҳасиз, бугун биз кўп миллатли халқимиз билан биргаликда барпо этаётган Янги Ўзбекистонда юз бераётган энг муҳим ўзгаришлар ҳақида сўз юритганда, барча минтақа ва ҳудудларимизни қамраб олган кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари ҳақида алоҳида фикр юритишимиз табиийдир.

 

Чиндан ҳам, сўнгги йилларда юртимиз улкан қурилиш ва бунёдкорлик мамлакатига айланди. Халқимизнинг кўз ўнгида қад ростлаётган замонавий турар-жойлар, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш мажмуалари, муҳандислик-коммуникация, йўл ва транспорт тармоқлари, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт муассасалари, боғ ва хиёбонлар, обод шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфасида сизларнинг беқиёс куч-ғайратингиз, юксак салоҳият ва маҳоратингиз мужассам эканини эътироф этган ҳолда, барчангизни янги ҳаёт бунёдкорлари дея эъзозлаб, фидокорона меҳнатингиз учун чин дилдан ташаккур билдирамиз.

 

Қадрли бунёдкорлар! Маълумки, ҳозирги кунда қурилиш соҳаси мамлакатимиз иқтисодиётининг таянч тармоқларидан бирига айланмоқда. Жорий йилнинг биринчи ярмида қурилиш ишлари ҳажми 2023 йилга нисбатан 10 фоиздан зиёд ортиб, салкам 80 триллион сўмга етгани, соҳанинг ялпи ички маҳсулотимиздаги улуши 6 фоиздан  кўпроқни ташкил этаётгани бунинг яққол тасдиғидир.

 

Энг асосийси, барча соҳалар қатори қурилиш тармоғидаги улкан ишларимиз ҳам инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳаётий манфаатларини таъминлашга қаратилмоқда. Ўтган йили биргина инвестиция дастури доирасида 2 минг 526 та ижтимоий ва инфратузилма объектларида қурилиш ва реконструкция ишлари бажарилгани, “Ташаббусли бюджет” тизими асосида маҳаллаларимиздаги 4 мингдан ортиқ объектда 4,5 триллион сўмлик қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилгани ҳам шундан далолат беради.

 

Айниқса, кейинги йилларда халқимиз учун замонавий уй-жойлар барпо этиш бўйича мисли кўрилмаган натижалар қўлга киритилаётганини таъкидлаш лозим. Охирги етти ярим йилда жами 412 мингта квартирадан иборат ёки 26 миллион квадрат метрлик қарийб 10 мингта уй-жойлар барпо этилгани мисолида бунга тўла ишонч ҳосил қилиш мумкин.

 

Бу ишларимизнинг давоми сифатида жорий йилда 52 та ҳудудда “Янги Ўзбекистон” массивлари бунёд этилмоқда. “Янги Тошкент” ва Олимпия шаҳарчаси каби мега объектларимизда ҳам бунёдкорлик ишлари юқори суръатлар билан олиб борилмоқда. Соҳада “яшил” стандартлар, энергияни тежайдиган янги технологиялар, “ақлли шаҳар”, “ақлли уй” тамойиллари фаол қўлланмоқда.

 

Қурилиш соҳасида биринчи марта юқори малакали кадрлар, мустаҳкам материаллар, машина ва механизмлар базаси ҳамда мезонларни ўзида ифода этадиган ресурслар миллий классификатори шаклланди, мутахассисларни сертификатлаш тизими жорий қилиниб, Компетенцияни ривожлантириш институти ташкил этилди.

 

Ҳурматли байрам иштирокчилари! Қурилиш соҳасини бугунги шиддатли замон талабларига мос ҳолда ривожлантириш, шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқишда жамоатчилик фикрини ўрганиш ва уларнинг ижроси бўйича жамоатчилик назоратини ўрнатиш бугунги кунда ғоят долзарб аҳамиятга эга.

 

Шунингдек, лойиҳа ташкилотлари фаолиятини такомиллаштириш, қурилиш материаллари бозорини тартибга солиш, рақамлаштириш ишларини чуқурлаштириш, бино ва иншоотларда қулай ва экологик хавфсиз яшаш шароитларини яратиш, энергия самарадорлигини ошириш, қурилиш ишлари жараёнида хавфсизлик ва таъсирчан назоратни таъминлаш бўйича олдимизда катта вазифалар турганини сиз – соҳада катта билим ва тажрибага эга бўлган ишчи ва қурувчи, меъмор ва муҳандислар, олим ва мутахассислар яхши биласиз.

 

Ишончим комил, сизлар ана шундай мураккаб ва масъулиятли вазифаларни муваффақиятли адо этишда янада жонбозлик кўрсатиб, қурилиш соҳаси равнақини янги босқичга олиб чиқасизлар.

 

Албатта, соҳа вакилларининг машаққатли меҳнатини рағбатлантириш, иш ва турмуш шароитларини яхшилаш масалаларига биз бундан буён ҳам устувор аҳамият қаратамиз.

 

Сиз, азизларни касб байрамингиз билан яна бир бор табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, туганмас куч-ғайрат, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик ва файзу барака тилайман.

 

Жонажон Ватанимизни ҳар томонлама гўзал ва обод этишда сизларга янги зафар ва омадлар ёр бўлсин!”, дейилади табрик матнида.

Ҳудудларда 81 трлн сўмлик лойиҳалар амалга оширилади: 320 мингта иш ўрни яратилади

Ҳудудларда 81 трлн сўмлик лойиҳалар амалга оширилади: 320 мингта иш ўрни яратилади

Ўзбекистонда 2030 йилгача кичик бизнеснинг бандликдаги улушини 80 фоизга етказиш режалаштирилмоқда.

Ўзбекистонда озиқ-овқат ишлаб чиқариш ошди: ҳудудлар рейтинги эълон қилинди

Ўзбекистонда озиқ-овқат ишлаб чиқариш ошди: ҳудудлар рейтинги эълон қилинди

2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 8,6 фоизга ошди.

Тадбиркорлардан стартапчиларгача: ЎзЛиДеПP электоратни кенгайтирмоқчи

Тадбиркорлардан стартапчиларгача: ЎзЛиДеПP электоратни кенгайтирмоқчи

Партия электоратни кенгайтиришни жамиятнинг турли қатламлари манфаатларини сиёсий майдонда ифода этиш билан изоҳлади.

Тошкентда халқаро туризм форуми бошланди

Тошкентда халқаро туризм форуми бошланди

Илк бор ўтказилаётган ушбу тадбирда Ўзбекистондаги меҳмонхона бизнеси, курорт ва рекреация инфратузилмаси соҳасидаги истиқболли лойиҳалар, шунингдек, инвесторларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш имкониятлари тақдим этилади.

198 давлат орасида эътироф: Ўзбекистон саёҳат учун энг хавфсиз мамлакатлар қаторида

198 давлат орасида эътироф: Ўзбекистон саёҳат учун энг хавфсиз мамлакатлар қаторида

2026 йилги Global Peace Index натижаларида ҳам Ўзбекистон дунёнинг тинч мамлакатлари қаторида қайд этилган.

Ноқонуний “Умра” ташкилотчилари: фуқаролардан 9 минг 450 доллар олинган

Ноқонуний “Умра” ташкилотчилари: фуқаролардан 9 минг 450 доллар олинган

Тошкент ва Самарқанд вилоятларида икки ноқонуний ҳолат аниқланди.

Беркинмачоқ ўйинидаги фожиа: 5-қаватдан тушган боланинг аҳволи маълум қилинди

Беркинмачоқ ўйинидаги фожиа: 5-қаватдан тушган боланинг аҳволи маълум қилинди

Бола 22 ноябрь куни беркинмачоқ ўйнаётиб, уйнинг чордоғидан пастга тушиб кетган.

Ўзбекистон Биринчи хоними Иорданиядаги “Уйқудаги етти ёш ғори” тарихий мажмуасига ташриф буюрди

Ўзбекистон Биринчи хоними Иорданиядаги “Уйқудаги етти ёш ғори” тарихий мажмуасига ташриф буюрди

Ушбу маскан Иорданияда энг эъзозланадиган тарихий-диний ёдгорликлардан бири ҳисобланиб, ислом маънавий меросида алоҳида ўрин тутади.