Хитой COVID-19 устидан “буюк ва ҳал қилувчи ғалаба”ни эълон қилди
Хитой раҳбарияти коронавирусга қарши курашда “буюк ва ҳал қилувчи ғалаба”ни эълон қилди.

Баёнотда айтилишича, Хитой ноябр ойидан бошлаб нисбатан қисқа вақт ичида пандемиядан нормал ҳаётга “бенуқсон ўтишни амалга оширди”.
"Амалиёт шуни кўрсатдики, Марказий Қўмита пандемия билан боғлиқ вазиятни баҳолашда тўғри қарорлар қабул қилган ва стратегик тузатишлар киритган", — дейилади ҳужжатда.
Хитой матбуотига кўра, коронавирус пандемияси даврида мамлакатда 200 миллиондан ортиқ касалланган одам тиббий ёрдамдан фойдаланган, 800 мингга яқин оғир беморлар тузалиб кетган. Айни пайтда мамлакатда COVID-19'дан ўлим даражаси дунёдаги энг паст даражада.
Шу билан бирга, Сиёсий бюро ХХРнинг 1,4 миллиард аҳолисини ҳушёр бўлишга чақирди, шунингдек, кекса аҳолини эмлашни тезлаштиришга қарор қилди.







