Россия ва Хитойнинг минерал ўғитлар бозоридаги таъсири АҚШга ёқмаяпти
Bloomberg бу бўйича таҳлилларини эълон қилди.

Россиянинг Украинага босқини минерал ўғитларни “глобал таъсирга эга стратегик дастак”ка айлантирди. Бу ҳақда Bloomberg ёзмоқда.
Украина можароси озиқ-овқат инқирозини келтириб чиқарди. Бу қашшоқ давлатларга катта зарба бўлди.
“Бу ўғит ва уларни назорат қиладиганларни дунёнинг сиёсий кун тартибида олдинги марраларга чиқарди”, – дейилади агентлик мақоласида.
Bloomberg ҳисоб-китобларига кўра, дунё минерал ўғитлар бозорида Хитой етакчи — у йилига 31.9 миллион тонна азот ва 6.1 миллион тонна калий ишлаб чиқаради. Ундан кейинги ўринда Россия туради. РФ йилига 11.2 миллион тонна азот ва 9.5 миллион тонна калий чиқаради. Учинчи ўринда Беларусь: 1 миллион тонна азот ва 7.6 миллион тонна калий.
Пекин, Москва ва Минскнинг глобал бозордаги ўрни АҚШ ва бошқа Ғарб давлатларининг хавотирига сабаб бўлмоқда.







