Жапаров Қирғизистон собиқ президентларидан бирини ватанга қайтармоқчими?
18 февраль куни Қирғизистонни бошқарган барча сиёсатчилар БААда учрашганди.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров мамлакат собиқ раҳбарлари билан Қурманбек Бакиевни ватанга қайтариш учун учрашмаган. Бу ҳақда Жапаров Кабар агентлигига берган интервьюсида маълум қилган.
“Айримлар айнан шунинг учун (Бакиевни қайтариш — таҳририят изоҳи) учрашув бўлган деб тахмин қилмоқда. Агар уни қайтаришни истаганимизда, учрашув Бишкекда ташкиллаштирилган бўларди”, – деган Қирғизистон етакчиси.
Унинг қўшимча қилишича, Қирғизистоннинг иккинчи президентига нисбатан суд ҳукми бор, у ортга қайтган тақдирда қамоқда ўтириши керак.
18 февраль куни Жапаров ташаббуси билан БААда Қирғизистонни турли йилларда бошқарган президентлар йиғилди. Амалдаги давлат раҳбарининг сўзларига кўра, бу қирғиз жамиятини бирлаштириш учун амалга оширилган.
Учрашувда Асқар Акаев, Қурманбек Бакиев, Роза Отунбаева, Алмазбек Атамбаев ва Сооронбай Жээнбековлар иштирок этган.







