Хитой Украина можароси оловига мой сепишни тўхтатишга чақирди
Мамлакат ташқи ишлар вазири ХХРнинг мазкур низо бўйича позициясини очиқлаган.

Босим ва тийиб туриш ҳаракатлари туфайли Хитой суверенитетига таҳдидлар бўлмоқда. Бу ҳақда мамлакат ташқи ишлар вазири Цинь Ган маълум қилди.
Дипломат “бугун Украина, эртага Тайвань” каби баёнотлар билан шовқин кўтаришни тўхтатишга чақирган. Пекинда ўтган форумда, шунингдек, у Хитойнинг Украина бўйича позициясини очиқлаган. Вазирнинг фикрича, ХХР вазиятдан чуқур хавотирда. Цинь Ган низо кучайиб бораётгани ва вазиятдан чиқиб кетиши мумкинлигини таъкидлаган.
“Бир вақтнинг ўзида биз давлатларни оловга мой сепмасликка ва айбни Хитойга тўнкашни тўхтатишга чақирамиз”, – деган у.
AFP агентлиги бу баёнот АҚШнинг Пекинни Москвага қурол етказиб беришда айблаши фонида берилганига эътибор қаратган.
Бундан аввал Хитой коммунистик партияси марказий қўмитаси комиссия раҳбари Ван И Мюнхен хавфсизлик конференциясида ХХРда Украина бўйича тинчлик режаси борлигини айтганди.







